LNK INDUSTRIES (ЛАТВИЯ) КОМПАНИЯСИНИНГ БОШҚАРУВИ РАИСИ БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ

LNK INDUSTRIES (ЛАТВИЯ) КОМПАНИЯСИНИНГ БОШҚАРУВИ РАИСИ БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ

Бугун 30 январь куни BMB HOLDING Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ҳамда LNK Industries (LNK GROUP) ҳолдинги Бошқаруви раиси Артём Милов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Очиқ ва конструктив руҳда ўтган мулоқотда кўп томонлама ҳамкорлик қилиш истиқболлари, ижтимоий соҳа, спорт, хусусан, футзални ривожлантиришда биргаликда лойиҳалар ишлаб чиқиш масалалари кўриб чиқилди.

Негаки ушбу компания тадбиркорликдан ташқари Латвияда футболни ривожлантиришга ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда. Хусусан, компания ҳомийлигида FC RFS клуби миллий ва халқаро чемпионатларда муносиб иштирок этиб келмоқда.

Учрашув натижасида жорий йилнинг I чорагида футболчилар, футзалчилар, мураббийлар ҳамда мутахассислардан иборат делегациянинг мамлакатимизга ташрифини ташкиллаштириш ва бир қанча ўртоқлик ўйинларини ўтказишга келишиб олинди.

Шу куннинг ўзида Ўзбекистоннинг Латвиядаги Фахрий Консули, Ўзбекистон Савдо уйи раҳбари Владимир Гальперин ҳамда Ўзбекистон-Латвия Савдо палатаси ижрочи директори Роландс Романовскис билан ҳам учрашув бўлиб ўтди.

Унда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, Латвия бозорига Ҳолдинг корхоналарида чуқур қайта ишланаётган, қуритилган ҳамда ҳўл мева-сабзавотларни етказиб бериш, мазкур савдо уйи орқали Болтиқ бўйидаги Латвиядан ташқари Литва, Эстония ҳамда Финландия давлатлари бозорларига маҳсулот экспорт қилиш масалалари муҳокама қилиниб, ҳамкорлик алоқаларини босқичма босқич йўлга қўйишда маҳсулотлар сифат назоратини ҳам тўлиқ халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга келишиб олинди.

LNK Group — 1988 йилда ташкил этилган Латвиядаги йирик қурилиш ва саноат ҳолдинги. Ҳолдинг таркибига учта LNK Industries (қурилиш ва ишлаб чиқариш), LNK Aerospace (авиация техникасини ҳисоблаш, синовдан ўтказиш ва техник хизмат кўрсатиш) ва LNK Properties (кўчмас мулкни ривожлантириш) корхоналари киради.

Янгилик билан ижтимоий тармоқларда улашинг:

Тэглар:

Бошқа янгиликлар: