Кутилганидек бугун 31 январь куни ҳам BMB HOLDING делегацияси Швецияда бир қатор ишбилармон доира вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Музокаралар савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиришга қаратилди.
Дастлаб, Ўзбекистоннинг Швециядаги элчихонаси кўмагида Ҳолдинг Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов Швеция Савдо-саноат палатаси Президенти Хайнц Шегрен билан учрашиб, палатага аъзо швед тадбиркорлари билан инвестициявий, бизнес имкониятлар ва ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Мазкур учрашувда савдо алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва биргаликда лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Шунингдек, заъфарон етиштириш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи етакчи швед компанияси Pars Saffran AB Президенти Али Ветр билан учрашув ўтказилди. Музокаралар натижасида ҳамкорлар томонидан Ўзбекистонда заъфарон етиштириш салоҳияти ҳамда экспорт имкониятлари юқори баҳоланиб, келгусида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
Ташриф доирасида AL WAID компанияси акциядори Али Жассим, Exotic Fruit AS (Норвегия), EvroAsia Group компаниялари раҳбарлари билан ҳам музокаралар ўтказилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, қуритилган ва дуккакли маҳсулотларни Швеция ва Норвегия бозорига, йирик савдо тармоқларига экспорт қилиш имкониятлари, замонавий агротехнологияларни жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.
Ушбу учрашувлар натижасида савдо ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қатор келишувларга эришилди.