Жорий йилнинг 3 февраль куни BMB HOLDING Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ҳамда DEMIR HOLDING асосчиси Хaмит Демир ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида қурилиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, инновацион ва замонавий технологияларни жалб қилиш, инвестициялар ҳажмини ошириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, турар-жой мажмуалари, меҳмонхоналар инфратузилмаси ҳамда саноат объектларини барпо этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Б.Маматқулов BMB HOLDING томонидан амалга оширилаётган йирик инфратузилма ва қурилиш лойиҳалари ҳақида маълумот бериб, бугунги кунда янги қурилиш лойиҳаларида сифатли ва энергия тежамкор материаллардан фойдаланиш ҳамда замонавий меъморий ечимларни жорий этиш устувор вазифа эканини қайд этди.
Ўз навбатида Х.Демир Ўзбекистонда урбанизация жараёнлари жадаллашаётгани, мамлакатнинг қурилиш соҳаси тез суръатларда ривожланаётганини эътироф этди. Шунингдек, DEMIR HOLDING йирик қурилиш лойиҳаларидаги тажрибасидан келиб чиқиб, нафақат Ўзбекистонда, балки Кения, Венгрия, Германия каби давлатларда замонавий қурилиш объектларини барпо этишга қизиқиш билдирди.
Жараёнлар давомида, DEMIR HOLDINGнинг Demir Country, Demir Life ҳамда Demir Marina лойиҳалари билан танишилди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистонда қўшма, замонавий инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.