ШВЕЦИЯДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ МАДАНИЙ МАРКАЗИГА АДАБИЁТЛАР ТЎПЛАМИ ТАҚДИМ ЭТИЛДИ

ШВЕЦИЯДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ МАДАНИЙ МАРКАЗИГА АДАБИЁТЛАР ТЎПЛАМИ ТАҚДИМ ЭТИЛДИ

Хабарингиз бор, айни кунларда Европада бўлиб турган BMB HOLDING делегацияси нафақат бизнес учрашувлар ўтказмоқда балки, ижтимоий-маданий аҳамиятга эга тадбирларда фаол иштирок этмоқда.

Хусусан, жорий йил 31 январь куни Ўзбекистоннинг Швециядаги элчихонаси ҳузурида фаолият юритувчи Ўзбек Миллий Маданий Марказига ўзбек миллий адабиётлари, жумладан, Алишер Навоий, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби ўзбек классик ва замонавий адабиёти намояндаларининг асарлари, шунингдек, Ўзбекистон тарихи, миллий маданияти ва маънавий меросига бағишланган илмий-тадқиқот ишларидан иборат китоблар тўплами совға қилинди.

Ушбу китоблар Швецияда яшовчи ўзбек диаспораси, ҳамда маҳаллий аҳолига миллий маданиятимиз, тарихимиз ва адабиётимизни кенгроқ танитиш, ўзбек тили ва адабиётини асраб-авайлашга ҳисса қўшиши билан аҳамиятлидир. Қолаверса, талабалар учун ҳам муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Китобларни топшириш маросимида BMB HOLDING Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов, Ўзбекистоннинг Швециядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Раҳматулла Нуримбетов, Миллий Маданий Марказ раҳбари Зилола Йулчиева ҳамда ходимлари иштирок этдилар.

Тадбир давомида ўзбек адабиётининг чуқур илдизлари, унинг жаҳон маданий меросидаги ўрни, уларни дунё саҳнасида кенг тарғиб қилиш, миллий ўзликни мустаҳкамлаш ва юрт маданиятига бўлган қизиқишни ошириш бўйича турли маданий-маърифий лойиҳаларни кўпайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Ушбу тадбир халқаро маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди. Ҳолдинг делегацияси эса Швецияга бўлган ташрифни якунлаб Германияга учиб кетди.

Янгилик билан ижтимоий тармоқларда улашинг:

Тэглар:

Бошқа янгиликлар: