Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш мақсадида BMB HOLDING тизимида барча ходимлар учун тенг шароит яратиш, жамоада гендер тенгликни таъминлашга қаратилган тизимли ишлар йўлга қўйилди. Бу йўналишда “Гендер маслаҳат кенгаши”и ташкил этиш амалиёти жорий этилди.
2025 йил 7 июль куни BMB HOLDING’нинг Жиззах вилояти бошқармасида бўлиб ўтган тадбирда ушбу йўналишда муҳим тайинловлар амалга оширилди. Унга кўра, Тошкент шаҳри бўйича Гендер маслаҳат кенгаши раҳбари этиб BMB HOLDING Кузатув кенгаши аппарати раҳбари Хайрулла Набижонов, хотин-қизлар билан ишлаш масалаларига масъул қилиб эса Молия институтлари маблағлари ва банк кредитларини жалб қилиш департаменти директори Умида Мадиева тайинланди.
Жиззах вилоятида эса ушбу вазифалар BMB MEDIA MARKAZ бош муҳаррири Саид Донишев ҳамда BMB-NRC AGROLOGISTICS бош ҳисобчиси Инобат Маматқуловаларга юклатилди.
Жиззах вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан ўтказилган махсус ўқув семинарида ҳам BMB HOLDING тизимидаги фаолият энг намунали тажриба сифатида тақдим этилди. Маълумот ўрнида айтиш мумкин, бугунги кунда BMB HOLDING ва унинг таркибидаги корхоналарда 6 500 нафар доимий ходим фаолият олиб бораётган бўлса, шундан маҳсулот етиштириш, чуқур қайта ишлаш, хизмат кўрсатиш йўналишларида 3 минг нафар хотин-қизлар меҳнат қилмоқда. Асосий фаолият туридан бири қишлоқ хўжалиги соҳаси бўлганлиги сабабли қўшимча 70 минг нафар мавсумий ишчилар жалб қилинади, уларнинг ҳам қарийб 50 фоиздан ортиғини аёллар ташкил этади.
Бу тизимда тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, ходимларнинг муаммоларини ўрганиш ва ечим топиш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ходимларнинг ҳуқуқий ва интеллектуал салоҳиятини оширишга йўналтирилган қатор ишлар амалга оширилмоқда.
BMB HOLDING бундан буён ҳам гендер тенглигини таъминлаш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, раҳбарлик лавозимларига муносиб кадрларни тавсия этиш, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида иш олиб боради.
BMB HOLDING Ахборот хизмати