Жорий йилнинг 1 август куни Ҳолдинг бош директори ўринбосари Сардорбек Розукулов ва AREA FREDDA SURGELATTI компанияси таъсисчиси Серджио Тарасов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: AREA FREDDA SURGELATTI компанияси қайта ишланган ва қуритилган мева-сабзавот маҳсулотларини Шимолий Африка ва Марказий Осиё мамлакатларидан Италияга импорти билан шуғулланади.
Мулоқот давомида италиялик тадбиркорлар BMB Agro Plus корхонаси фаолияти ҳақида атрофлича маълумот олдилар ва ушбу корхона ишлаб чиқараётган музлатилган олча маҳсулотига алоҳида қизиқиш билдириб ўтдилар.
Музокаралар якунига кўра, томонлар мазкур масала юзасидан ишчи тартибда мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.
Куннинг иккинчи қисмида Ҳолдинг ташқи иқтисодий алоқалар бўлими бошлиғи Ислом Исмоилов ҳамда Ҳиндистоннинг NOBLE ENTERPRISE компанияси асосчиси Вишв Тхаккар ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида ҳиндистонлик меҳмонга Ҳолдинг фаолияти ва бугунги кунда амалга ошириб келинаётган лойиҳалар ҳамда қуритилган ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари ҳақида маълумот бериб ўтилди.
Мулоқот якунида, томонлар Ҳиндистон бозорларига майиз ва қуритилган олхўри маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш масаласи юзасидан келгуси режаларни белгилаб олдилар.
Умуман олганда, мазкур учрашувлар янги ўзаро манфаатли лойиҳаларни йўлга қўйишга ва Ҳолдинг экспорт географиясини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
BMB HOLDING Ахборот хизмати