Жорий йилнинг 14 октябрь куни BMB HOLDING бош директори ўринбосари Сардорбек Розукулов ва Саудия Арабистонининг йирик компаниялари раҳбарлари, жумладан Dhaef Global Recruitment бош директори Равшан Атабаев, K-Dot компанияси ижрочи директори Faisal Aldawood ҳамда Almoatasem Trading Corp ижрочи директори Moatasem Abizinadah ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида С.Розукулов меҳмонларга Ҳолдинг таркибига кирувчи корхоналарнинг экспорт салоҳияти, уларда етиштирилаётган табиий заъфарон ўсимлиги ва ишлаб чиқарилаётган бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тўғрисида атрофлича маълумот бериб ўтди.
Мазкур компаниялар Саудия Арабистонига мева-сабзавот етказиб берувчи энг йирик тадбиркорлик субъектлари эканлиги, ушбу йўналишда ўн иккита давлат билан ҳамкорлик қилиши маълум қилинди. Асосийси, меҳмонлар BMB HOLDING билан узоқ муддатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни амалга ошириш ниятида эканликларини билдирдилар.
Шундан сўнг томонлар ҳамкорликда юқори сифатли заъфарон маҳсулотлари ва хориж бозорида юқори талабга эга чуқур қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Саудия Арабистонига ҳамда бу мамлакат орқали Форс кўрфази давлатларига экспорт қилиш ва консалтинг хизматларини кўрсатиш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Бўлиб ўтган учрашув Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, экспорт-импорт операциялари салмоғини янги босқичга олиб чиқиш, қолаверса мамлакатимиздаги инвестициявий муҳитни янада яхшилашга хизмат қилади.
BMB HOLDING Ахборот хизмати