Жорий йилнинг 16 октябрь куни Россия Федерацияси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Максим Боровой бошчилигидаги делегация Шароф Рашидов туманида фаолият юритиб келаётган BMB-NRC Agrologistics қўшма корхонасига ташриф буюрди.
Делегация таркибида Россия Федерацияси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ўзбекистондаги вакили Алексей Ульянов, Россельхознадзор департаменти раҳбари Вячеслав Семёновлар бўлди.
Меҳмонларга Жиззах вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Зафар Рўзиев, ВМВ HOLDING таъсисчиси Азиз Маматқулов ва Ҳолдинг бош директори ўринбосари Сардорбек Розукулов ҳамроҳлик қилди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад замонавий агрологистика мажмуаси фаолияти билан яқиндан танишиш ҳамда унинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги экспорт-импорт операцияларини янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Делегация аъзолари агрологистика мажмуасининг фаолияти, мамлакатимиз минтақаларида етиштирилган турли хил қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва сақлаш жараёнлари, божхона, банк ҳамда фитосанитар ҳужжатларини “Ягона дарча” тамойили асосида расмийлаштириш, транспорт ва логистика хизматларини кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.
Мажмуа тақдимотида қўшма корхона бош директори Алексей Белоус ҳам иштирок этди. Ташриф давомида, томонлар мажмуа фаолиятини янада жадаллаштириш, экспорт-импорт ҳажмини кенгайтириш ҳамда савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш бўйича бир қатор таклиф ва ташаббусларни муҳокама қилдилар.
Натижада томонлар Ўзбекистондан Россия Федерациясига заъфарон ва чуқур қайта ишланган турли турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини кўпайтириш, Россельхознадзор лабораторияси фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан бир қатор келишувларга эришдилар.
Умуман олганда ушбу мулоқот Жиззах вилоятининг иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятини намоён қилиш баробарида, Россия Федерацияси билан икки томонлама манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-иқтисодий алоқаларини янада кенгайтиришга мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
BMB HOLDING Ахборот хизмати