Жорий йилнинг 8 январь куни BMB HOLDING Бош директори ўринбосари Хайрулла Набижонов ҳамда Буюк Британиянинг Vannin Healthcare компанияси Бош директори Жулиан ван Вин ўртасида видеоконференцалоқа шаклида музокаралар бўлиб ўтди.
Маълумот учун, Vannin Healthcare компанияси тиббий ускуналар ва инновацион тиббий ечимларни ишлаб чиқиш ва етказиб бериш, шунингдек шифохона ҳамда тиббиёт марказларини лойиҳалаш, қуриш ва замонавий ускуналар билан жиҳозлаш соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Компания бугунги кунга қадар Америка, Европа ва Африка қитъаларида 300 га яқин тиббиёт муассасаларини барпо этган.
Онлайн музокаралар давомида жаноб Жулиан ван Вин BMB HOLDINGнинг асосий фаолият йўналишлари, унинг таркибидаги корхоналар ҳамда айни пайтда амалга оширилаётган қўшма инвестициявий лойиҳалар ҳақида батафсил маълумотлар билан таништирилди.
Шу билан бирга, томонлар замонавий тиббиёт инфратузилмасини ривожлантириш, соҳада инновацион ечимларни жорий этиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.
Учрашув конструктив руҳда ўтиб, унинг якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда қўшма лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.