Жорий йилнинг 12 февраль куни BMB HOLDING Бош директори ўринбосари Хайрулла Набижонов ҳамда Латвиянинг Go Play компанияси раҳбари Янис Эрглис ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
Учрашув давомида BMB HOLDING таркибига кирувчи корхоналар, амалга оширилаётган йирик инвестицион лойиҳалар шунингдек, қурилиш, саноат ва инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган истиқболли ташаббуслар ҳақида атрофлича маълумот тақдим этилди.
Шундан сўнг, Go Play компанияси раҳбари томонидан компаниянинг болалар учун замонавий, хавфсиз ва инновацион майдонларни лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ҳамда ўрнатиш йўналишидаги фаолияти ҳақида тақдимот ўтказилди.
Таъкидланганидек, Go Play болалар майдончалари лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича дунёдаги топ-10 компаниялардан бири ҳисобланади. Компания томонидан 60 дан ортиқ давлатларда муваффақиятли амалга оширилган қатор лойиҳалар тажрибаси ҳам алоҳида қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистоннинг етакчи қурилиш компаниялари билан ҳамкорлик қилиш, ўзаро манфаатли йўналишларни атрофлича ўрганиш ва келгусида шериклик алоқаларини мустаҳкамлашга келишиб олдилар.