Жорий йил 20 июнь куни BMB HOLDING бош офисида Ҳолдинг Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ва Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Дуйшонкул Чотонов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида томонлар икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари натижасида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини, бу эса ишбилармон доиралар учун кенг имкониятлар яратаётганини алоҳида таъкидладилар. Мазкур музокаралар хусусий секторни жалб қилган ҳолда иқтисодий дипломатияни ривожлантиришнинг амалий ифодаси сифатида эътироф этилди.

Мулоқот давомида қуйидаги асосий йўналишлар бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари батафсил муҳокама қилинди:

Агросаноат мажмуаси: BMB HOLDING томонидан етиштирилаётган ва чуқур қайта ишланаётган, юқори қўшилган қийматга эга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, жумладан, заъфарон ва бошқа доривор ўсимликларни Қирғизистоннинг ички бозорига экспорт қилишнинг амалий жиҳатлари ва логистика масалалари кўриб чиқилди.

Сармоявий лойиҳалар: Қирғизистон Республикасининг қулай сармоявий муҳитидан фойдаланган ҳолда, боғдорчиликни ривожлантириш, замонавий савдо инфратузилмасини яратиш ҳамда туризм соҳаларида истиқболли инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари таҳлил қилинди.

Учрашув якунида томонлар муҳокама қилинган масалаларни амалий босқичга олиб чиқиш мақсадида жорий йилнинг июль ойида Ҳолдинг раҳбариятининг Қирғизистон Республикасига ташрифини ташкил этишга келишиб олдилар. Ташриф доирасида манфаатдор вазирлик, идоралар ва хусусий сектор вакиллари билан музокаралар ўтказиш орқали аниқ лойиҳалар бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Музокаралар ўзаро ишонч ва конструктив руҳда ўтди ва бу икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни янада диверсификация қилиш учун мустаҳкам замин яратишига ишонч билдирилди.

BMB HOLDING Ахборот хизмати