Жорий йилнинг 29 июль куни BMB HOLDING Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ва Италиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Пьергабриеле Пападия де Боттини ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида италиялик тадбиркорлар иштирокида Ўзбекистонда амалга оширилаётган истиқболли қўшма лойиҳалар, айниқса агросаноат соҳасидаги ҳамкорлик ҳамда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш билан боғлиқ бўлган янги имкониятлар муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 9-июль куни Италиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси кўмагида Bonifiche Ferraresi ижрочи директори Патрик Унгаро билан музокаралар ташкил этилган эди.
Томонлар дастлабки эришилган келишувларнинг мантиқий давоми сифатида мамлакатимизда етиштирилган ва чуқур қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва уларни Италия бозорларига етказиб бериш юзасидан янги ташаббусларни батафсил кўриб чиқдилар.
Хусусан, Ҳолдинг асосчиси Бекзод Маматқулов учрашув чоғида италиялик ҳамкорлар билан биргаликда Ўзбекистон ҳудудида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шу жумладан, олча интенсив боғлари ва бодом плантацияларини ташкил этиш, мавжуд чуқур қайта ишлаш қувватларини икки баробарга ошириш ҳамда юқори сифатли тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятлари ҳақидаги истиқболли режалари билан таништирди.
Ўз навбатида жаноб Пьергабриеле Пападия де Боттини юқорида қайд этилган ташаббуслар Ўзбекистон-Италия ишбилармон доиралари ўртасида кенг қамровли ҳамкорликни янада кенгайишига умид билдирди.
BMB HOLDING Ахборот хизмати