Жорий йилнинг 13 август куни BMB HOLDING Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ва Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Бейбут Атамкулов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида томонлар сўнгги йилларда икки қардош мамлакатларнинг ишбилармон доира вакиллари ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар жадал ривожланиб келаётгани юзасидан сўз юритдилар.
Қолаверса, Ҳолдинг тизимида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Қозоғистон бозорларига экспортини кенгайтириш, хусусан, мева-сабзавот ҳамда чуқур қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш орқали қўшни давлат ишбилармон доиралари билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Б.Атамкулов томонидан Ҳолдинг таркибида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан тортиб, уларни сақлаш, саралаш, чуқур қайта ишлаш ҳамда заъфарон табиий доривор ўсимлигини қуритиш ва қайта ишлаш корхоналарининг самарали фаолияти эътироф этилди.
Учрашув якунида томонлар тез орада ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва хар томонлама манфаатли савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий алоқаларни ривожлантириш мақсадида BMB HOLDING делегациясининг Қозоғистон Республикасига ишчи ташрифини амалга оширишга келишиб олдилар.
BMB HOLDING Ахборот хизмати