Европа мамлакатларига амалга оширилаётган ишчи сафари доирасида BMB HOLDING Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов жорий йилнинг 21 октябрь куни Италиянинг Милан шаҳрида HT HOLDING президенти Роберто Туччи билан учрашув ўтказди.
Музокаралар аввалида томонлар сўнгги йилларда ўзаро манфаатли икки томонлама ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар. Хусусан, Жиззах вилояти Бахмал туманида заъфарон табиий доривор ўсимлигини етиштириш, уни қайта ишлаш ва экспорт қилишга қаратилган қўшма инвестициявий лойиҳа самарали амалга оширилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, Роберто Туччи куни-кеча заъфарон плантацияларининг 820 гектаргача кенгайтирилганини ҳам юқори баҳолади.
Ўз навбатида, Бекзод Маматқулов таъкидлаганидек, лойиҳа доирасида 2027 йил якунига қадар заъфарон плантациялари майдонини 2000 гектаргача етказиш бўйича кенг кўламли ишлар изчил равишда олиб борилмоқда.
Музокаралар сўнгида томонлар қўшма инвестицион лойиҳа доирасида BMB Za’faron маҳсулотлари экспорт географиясини янада кенгайтириш, ORO ROSSO MILANO қўшма корхонасида заъфаронли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш орқали корхона фаолиятини янада жадаллаштириш юзасидан келгуси режаларни белгилаб олдилар.
BMB HOLDING Ахборот хизмати