Европа давлатларига амалга оширилаётган ишчи ташриф доирасида жорий йилнинг 26 октябрь куни Мадрид шаҳрида BMB HOLDING Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ва Ўзбекистоннинг Испаниядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Фаррух Турсунов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида мамлакатимиз Раҳбари Брюссель шаҳрида Ўзбекистон ҳамда Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган ҳамкорлик битими имзоланганлиги Ўзбекистон ва Испания ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалари янада ривожланиши, янги қўшма инвестициявий ҳамда экспорт лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшимча имкониятлар яратилганлиги мамнуният билан эътироф этилди.
Музокаралар давомида, BMB HOLDING тизимидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга Европа ва АҚШнинг энг нуфузли сифат ва органик сертификатлари олинаётганлиги бу борада юртимизнинг экспорт салоҳиятини янада оширилишига хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Конструктив ва дўстона руҳда бўлиб ўтган учрашув якунига кўра, Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчихонасининг кўмагида BMB HOLDING ҳамда Испаниялик нуфузли компаниялари билан алоқаларни кенгайтириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, экспорт ва инвестициявий қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, замонавий технологияларни мамлакатимиз иқтисодиётига татбиқ этиш каби режалар ишлаб чиқилиши ҳақида келишувга эришилди.