Жорий йилнинг 5–6 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Покистон Ислом Республикасига олий даражадаги расмий ташрифи бўлиб ўтди. Ушбу сафар икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, ўзаро товар айланмасини оширишга қаратилди.
Давлат раҳбари ташрифи доирасида Покистон пойтахти Исломобод шаҳрида Ўзбекистон–Покистон бизнес-форуми ҳамда “Made in Uzbekistan” миллий кўргазмаси ташкил этилди. Тадбирнинг асосий мақсади мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган рақобатбардош маҳсулотларни халқаро бозорларда кенг тарғиб этиш, янги инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилиш ва тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишдан иборат бўлди.
“Made in Uzbekistan” кўргазмаси давомида BMB Za’faron ҳамда BMB IMPEX брендлари остида ишлаб чиқарилаётган чуқур қайта ишланган миллий маҳсулотлар намойиш этилди. Тадбирнинг илк кунида Ҳолдинг маркетинг бўлими бошлиғи Бекзод Юлдошев иштирок этиб, ташриф буюрувчиларга маҳсулотларнинг юқори сифати, экологик тозалиги, ишлаб чиқариш жараёнлари ва экспорт салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Шунингдек, 6 февраль куни бизнес-форум доирасида BMB HOLDING вакили Покистоннинг қатор йирик тадбиркорлари билан B2B форматда музокаралар ўтказди. Хусусан, Покистон савдо вазирлигининг савдони ривожлантириш бошқармаси вакили Amir Khan, Meezan Bank президенти Syed Amir Ali, Broadpeak LLC компанияси вакили Ibrahim Khan Mohmand, Bilal Enterprises компанияси ижрочи директори Bilal Sultan Shah ҳамда Citrus Asia Enterprises компанияси директори Mohammad Rizwan Sadiq билан истиқболли ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан музокаралар ўтказилди.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур бизнес-форум Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, миллий маҳсулотларимизнинг халқаро бозорлардаги нуфузини ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.