Жорий йилнинг 12 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан илк бор ташкил этилган Ўзбекистон-Сурия бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Сурия Савдо палаталари федерацияси президенти Аъла Умар ал-Али бошчилигидаги бизнес вакилларидан иборат делегация ҳамда юртимизнинг турли соҳаларда фаолият юритиб келувчи қарийб 200 нафар тадбиркор қатнашди.
Форум доирасида икки мамлакат ўртасида агросаноат, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш, фармацевтика, тўқимачилик маҳсулотлари экспорти, савдо уйлари ва доимий шоурумлар ташкил этиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, B2B форматида ташкил қилинган учрашувлар давомида BMB HOLDING Бош директори ўринбосари Хайрулла Набижонов Суриянинг Дараа вилояти Савдо ва саноат палатаси президенти Нашат Ал-Рифай билан ўзаро манфаатли ва истиқболли савдо-иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан музокаралар ўтказди.
Учрашув якунида томонлар мавжуд имкониятларни атрофлича ўрганиш, амалий ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда келгусида ўзаро шериклик алоқаларини босқичма-босқич ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирдилар.