Жорий йилнинг 13 февраль куни BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ҳамда Америка Қўшма Штатларининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеник ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида томонлар сўнгги йилларда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар мутлақо янги босқичга кўтарилганини мамнуният билан қайд этдилар. Учрашувда таъкидланганидек, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар изчил ривожланиб, инвестициявий ҳамкорлик ва қўшма лойиҳалар кўлами тобора кенгайиб бормоқда.
Шунингдек, Америка компанияларининг Ўзбекистон бозорига бўлган қизиқиши ортиб бораётгани, хусусан, “Made in Uzbekistan” миллий бренди остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг АҚШ бозорида муносиб ўрин эгаллаётгани ўзаро ишонч ва барқарор шерикликнинг яққол ифодаси экани алоҳида таъкидланди.
Ўз навбатида, Бекзод Маматқулов бугунги кунда АҚШ тадбиркорлари билан мустаҳкам савдо-иқтисодий алоқалар йўлга қўйилгани ҳақида сўз юритди. Қайд этилишича, ҳамкорлик фақат маҳсулот етказиб бериш билан чекланиб қолмай, балки узоқ муддатли стратегик шериклик тамойили асосида ривожланмоқда. Шунингдек, яқин вақт ичида мавжуд алоқаларни янада кенгайтириш, экспорт ҳажмини кўпайтириш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилаётгани маълум қилинди.
Жаноб Жонатан Хеник эса Бекзод Маматқуловнинг 2025 йил декабрь ойида АҚШга амалга оширган ташрифи чоғида эришилган келишувларни юқори баҳолади. Хусусан, дунёнинг йирик савдо тармоғи Costco ҳамда McCormick компаниялари билан йўлга қўйилган савдо-иқтисодий ҳамкорлик бошқа тадбиркорлар учун ҳам АҚШ бозорларига кириб боришда намуна бўлиши ҳақида тўхталиб ўтди. У мазкур келишувлар икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги ишонч ва очиқ мулоқот самараси эканини таъкидлади.
Самимий ва дўстона рухда бўлиб ўтган музокаралар якунида элчи жаноблари Ҳолдинг Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқуловни жорий йилнинг май ойида АҚШда бўлиб ўтадиган Select USA Investment Summit’да иштирок этишга таклиф қилди.