Жорий йилнинг 13 февраль куни BMB HOLDING тизимига кирувчи шуъба ва қўшма корхоналарнинг 40 нафардан ортиқ раҳбар ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқарув академиясида “Корпоратив стратегик бошқарув” йўналиши бўйича малака ошириш курсларини муваффақиятли якунлади.
Ушбу таълим дастури Ҳолдингда инсон капитали салоҳиятини ошириш, бошқарув самарадорлигини кучайтириш ва ички имкониятларни тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилган тизимли ислоҳотларнинг узвий давоми ҳисобланади.
Ўқув жараёнида профессор-ўқитувчилар томонидан тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқий масъулият, нотиқлик санъати, иқтисодиёт асослари, стратегик маркетинг ва PR, рақамли сиёсат, антикризис бошқарув, корпоратив маданият ва юқори самарали жамоаларни шакллантириш, сунъий интеллектдан фойдаланиш, шунингдек стратегик фикрлаш ва режалаштириш масалалари амалий мисоллар асосида ўқитилди.
Тадбир давомида Академия проректори Шамсиддин Валиев сўзга чиқиб, замонавий корпорацияни бошқаришда лидерлик ва менежмент уйғунлиги, ташаббускорлик ва инновацион ёндашувлар ҳал қилувчи аҳамият касб этишини қайд этди.
BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов инсон капиталига киритилаётган инвестициялар узоқ муддатли барқарор ўсиш ва халқаро бозорларда рақобатбардошликни таъминлашнинг стратегик омили эканини таъкидлади. Шунингдек, айни вақтда Ҳолдинг фаолиятида аёл раҳбарларнинг ўрни ва улушини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этди.
Тадбир якунида курс иштирокчиларига малака ошириш дастурини муваффақиятли тамомлагани тўғрисида сертификатлар тантанали равишда топширилди.