Жорий йилнинг 14 февраль куни пойтахтимиздаги INTERCONTINENTAL HOTEL TASHKENT меҳмонхонасида BMB HOLDING Таъсисчилар кенгашининг Кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Холдинг Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов, Таъсисчилар кенгаши аъзолари ҳамда ижро органи раҳбарлари қатнашдилар.
Кун тартибидан 2025 йил якунлари таҳлили ва 2026 йилга мўлжалланган ривожланиш стратегиясини мақсадли амалга ошириш истиқболлари билан боғлиқ бўлган масалалар ўрин олди. Шунингдек, Холдинг Бош директори Элёр Иброҳимовнинг 2025 йилда амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботи ҳамда бош директор ўринбосарлари ва корхона раҳбарлари тизим ташкилотлари олдида 2026 йилда турган асосий вазифалар ҳақидаги чиқишлари тингланди.
Йиғилишда бошқарув, қурилиш, ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш тизимларида йил давомида эришилган натижалар ва муаммолар, шунингдек, жорий ва кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда чуқур қайта ишлаш ҳажмини ошириш, ташқи иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, инвестиция салоҳиятини кенгайтириш, экспорт географиясини диверсификация қилиш билан боғлиқ бўлган муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Танқидий-таҳлилий руҳда бўлиб ўтган йиғилиш якунларига кўра, Холдингнинг 2026 йилга мўлжалланган иш режаси, қишлоқ хўжалиги ва Тижорат стратегияси ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган яна бошқа бир қатор устувор вазифалар белгилаб олинди.