Жорий йилнинг 24 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Беларусь ишбилармонлар кенгашининг бешинчи мажлиси ҳамда бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Мазкур форум икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада мустаҳкамлаш, янги инвестиция лойиҳаларини илгари суриш, ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотларни йўлга қўйиш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилди.
Форумнинг пленар йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Беларусь Республикаси Бош вазири Александр Турчин сўзга чиқиб, икки давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатларнинг сўнгги йиллардаги ривожланиш жараёнлари ва истиқболлари хусусида фикр билдирдилар.
Мазкур бизнес-форум ишида икки мамлакатнинг расмий делегациялари, вазирлик ва идоралар, шунингдек, йирик компания ва ишбилармон доиралар вакиллари, хусусан BMB HOLDING Таъсисчилари кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ҳам иштирок этди.
Шунингдек, Ўзбекистон-Беларусь ишбилармонлар кенгашининг бешинчи мажлиси ҳамда бизнес-форум доирасида Беларусь Республикасидан ташриф буюрган тадбиркорлар билан B2B форматида учрашувлар ҳам ташкил этилди.
Учрашувлар давомида BMB HOLDING вакиллари Беларусь Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Александр Яковчиц, Atlant Incorporated компанияси бош директори ўринбосари Ольга Вальздорф ҳамда “Красный” кондитер фабрикаси бош директорининг биринчи ўринбосари Александр Горбатенко билан музокаралар олиб боришди.
Музокаралар жараёнида томонлар Холдинг томонидан тайёрланаётган заъфаронли асал, қуритилган ўрик ва ерёнғоқ каби маҳсулотларга қизиқиш билдирдилар. Учрашувлар чоғида ушбу маҳсулотларни экспорт қилиш салоҳияти, етказиб бериш ҳажмлари ҳамда келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари ҳақидаги масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Томонлар ўзаро алоқа учун зарур бўлган маълумотлар алмашиб, келгусида музокараларни изчил давом эттириш бўйича келишувга эришдилар.
Бўлиб ўтган бизнес-форум давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва ҳар икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.