Шу кунларда BMB HOLDING Кузатув Кенгашининг доимий аъзоси Мирзамурод Дадажонов Хитойнинг Тяньцзин шаҳрида хизмат сафари билан бўлиб турибди.
Сафар давомида технологик ютуқлар билан танишиш баробарида йирик корхоналар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмоқда.
Ташриф давомида Danfoss заводи фаолияти ўрганилиб келгусида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишиб олинди. Бу компания дунёдаги энг илғор иситиш, совитиш ва автоматлаштирилган электрон тизимларни ишлаб чиқарувчи марказлардан бири ҳисобланади. 1933-йилда Данияда ташкил этилган Danfoss бугун дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатида фаолият юритмоқда. Йилига 6 миллиард долларлик айланмага эга бўлиб, тўлиқ роботлаштирилган ишлаб чиқариш тизимларини амалиётга жорий қилган.
Шунингдек Tianjin Chasesun Pharmaceutical Co., Ltd компаниясига ташриф буюрилди. Бу корхона замонавий ва анъанавий Хитой табобатини бирлаштирган ҳолда дори-дармон, биологик воситалар ҳамда тиббий техника ишлаб чиқаради. Компания 2009-йилдан буён Shenzhen биржасида очиқ савдода бўлиб, Forbes’нинг Хитойда истиқболли компаниялар рўйхатига киритилган.
8 апрель куни Тяньцзин шаҳри Wuqing туман ҳокимияти билан ўтказилган учрашувда инвестицион муҳит, саноат инфратузилмаси ва қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди. Ўзбекистон делегацияси Хитой тадбиркорларини Ўзбекистонга сармоя киритишга таклиф этди.
9 апрель куни Tianjin Binhai New Area China-Singapore Eco City лойиҳаси доирасида ақлли шаҳар модели билан танишилди. Бу ерда 15 дан ортиқ инновацион корхоналар фаолият юритмоқда. Шунингдек, шаҳар бошқаруви маркази, канализация тизимлари, рақамли таҳлил платформалари ва кутубхоналар кўздан кечирилди.
Ташриф давом этмоқда.