Жорий йилнинг 24 апрель куни BMB HOLDING Бош офисида Ҳолдинг Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ҳамда АҚШнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Жонатан Хеник ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Океан ортини забт этаётган миллий маҳсулотлар
Учрашув аввалида, элчи жаноблари Ҳолдинг тизимидаги яқинда ишга туширилган корхоналар, эришилган ютуқлар ҳамда амалга оширилаётган лойиҳалар фаолияти билан таништирилди. Шунингдек, АҚШнинг USDA Organic сертификати ва FDA рухсатномасининг амал қилиш муддати узайтирилгани мамнуният билан қайд этилиб, бу Ўзбекистон маҳсулотларининг АҚШ бозоридаги истеъмолчилар ишончини қозонишда муҳим омил эканлиги маълум қилинди.
Бекзод Маматқулов:
«Биз доимо халқаро стандартларга мос, экологик тоза ва инновацион ечимларга асосланган маҳсулотлар яратишга интилиб келганмиз. Бундан кейин ҳам миллий маҳсулотларимизни дунё миқёсида муносиб ўрин эгаллаши йўлида қатъият билан ҳаракат қиламиз.”
дея таъкидлади.
Ҳолдинг Бош офисида ташкил этилган шоу-румда намойиш этилган сублимация усулида қуритилган мева ва сабзавот маҳсулотлари элчининг эътиборини тортди. У маҳсулотларнинг сифатини ва улардаги технологиявий ёндашувни баҳолар экан, BMB HOLDING’нинг нафақат иқтисодий, балки илмий-инновацион салоҳияти ҳам юқори эканлигига амин бўлганлигини маълум қилди.
Жаноб элчи қолаверса, Ҳолдингнинг 8 йиллик фаолиятидаги муҳим воқеаларини ўзида акс эттирган музей фаолияти билан танишди. Шу билан бир қаторда, Ҳолдинг тизимидаги корхоналар томонидан етиштирилаётган заъфарон ва чуқур қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини COSTCO ва Walmart каби АҚШнинг энг йирик савдо тармоқларига етказиб бериш борасидаги келишувлар муваффақиятли якунланиб, тез орада шартнома имзоланиши кутилаётганлиги ҳамда McCormick Global Ingredients Ltd компанияси билан бир неча йилдан буён яқиндан ҳамкорлик қилиб келинаётганлиги эътироф этилди.
Жонатан Хеник:
«Ўзбекистондаги илғор компаниялар икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг янги қирраларини очиб бермоқда. Сўнгги йилларда ўзаро муносабатлар нафақат сиёсий ёки маданий, балки иқтисодий асосда ҳам мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, BMB HOLDINGнинг Америка бозорида мустаҳкам ўрин эгаллашида доимо қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. ”
дея фикрларини тасдиқлади.
Ўзаро ҳамкорлик истиқболлари
Бўлиб ўтган музокаралар доирасида яна бир муҳим масала – Ҳолдинг раҳбариятининг яқинда АҚШга амалга ошириши кутилаётган бизнес ташрифи муҳокама қилинди. Ушбу ташриф доирасида америкалик тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил этилиши белгиланди. Бу янги бозор эшиклари, янги келишувлар ва энг муҳими, янги имкониятлар демакдир.
Учрашув якунида Бекзод Маматқулов ва Жонатан Хеник Ўзбекистон ва АҚШ ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида ўзаро савдо иқтисодий ҳамда инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш, экспорт қилинаётган маҳсулотлар ҳажми ва турини кўпайтиришга ҳамда тез тез мулоқот қилиб туришга келишиб олдилар.