Мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти кундан-кунга ортиб бораётган бир вақтда BMB HOLDING корхоналари томонидан бу йўналишни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жиззах вилояти Арнасой туманида жойлашган BMB AGRO корхонаси томонидан етиштирилган тилими тилни ёрадиган хуштаъм қовунлари экспорти жадаллик билан давом эттирилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Экспортчилар учун яратилган қулай имкониятлар ва тадбиркорларнинг шижоати натижасида етиштирилаётган мева-сабзавотлар ҳамда қайта ишланган ва қуритилган маҳсулотларни дунёнинг турли нуқталарига етказиб бериш йўлга қўйилди.
Юртимизнинг сермаҳсул заминида унган ноз-неъматларнинг барчаси экологик тоза, жуда тотли ва кўплаб фойдали хусусиятларни ўзида жамлаганлигини дунё тан олиб бормоқда.
Бу ўз навбатида, тўғри йўлга қўйилган тизим, замонавий технологияларнинг жорий этилиши, маҳсулот етиштиришда ўринли қўлланилган агротехник тадбирлар ва дала майдонларида минглаб меҳнат қилиб келаётган инсонларнинг шижоати натижасидир. Шунинг учун ушбу маҳсулотларга бўлган талаб нафақат ички балки ташқи бозорларда ҳам кўпайиб бормоқда.
Бугунги кунда Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида самарали фаолият юритиб келаётган BMB-NRC AGROLOGISTICS замонавий агрологистика комплексида тадбиркорлар учун етиштирилаётган маҳсулотлар экспортига доир барча жараёнлар тезкор ва қулай тарзда ташкил этиб келинмоқда.
Хусусан, бугунга келиб BMB AGRO майдонларида етиштирилган навбатдаги қовун партияси Латвия бозорларига экспорт қилинди.
Шу билан бирга, яқин кунларда BMB HOLDING тизимидаги корхоналар майдонларида етиштирилган, қайта ишланган ва музлатилган бошқа бир қатор турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳам экспорт қилиш режалаштирилган.
BMB HOLDING Ахборот хизмати