Жорий йилнинг 21 октябрь куни Австриянинг Вена шаҳрида BMB HOLDING Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов Европа мамлакатлари бўйлаб амалга оширилаётган ишчи сафари доирасида Ўзбекистоннинг Австриядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Бахтиёр Ибрагимов билан учрашди.
Мулоқот чоғида томонлар Ўзбекистон ва Австрия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар, икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмининг ижобий ўсиш динамикаси, шунингдек, Европа мамлакатлари, хусусан, Австрия бозорининг хусусиятлари ва юқори талабга эга маҳсулотлар борасида атрофлича фикр алмашдилар.
Бахтиёр Ибрагимов, ўз навбатида, BMB HOLDING ва AGROTEC GMBH компанияси ҳамкорлигида AGROINVEST Австрия-Ўзбекистон қўшма корхонаси ташкил этилиши бўйича келишув имзоланганини юқори баҳолади.
Бу борада мазкур келишув Ўзбекистон ва Австрия ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада мустаҳкамлаш, миллий иқтисодиётимизни ривожлантиришга қаратилган хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва Европа мамлакатлари бозорларига юқори сифатли ўзбек маҳсулотларини экспорт қилишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.
Вена шаҳрида бўлиб ўтган самарали учрашувлар ниҳоясига етгач, BMB HOLDING делегацияси Европа сафари дастурига кўра Италиянинг Милан шаҳрига жўнаб кетди.
BMB HOLDING Ахборот хизмати