Европа мамлакатлари бўйлаб амалга оширилаётган ишчи ташриф доирасида жорий йилнинг 23 октябрь куни BMB HOLDING Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов мамлакатимизнинг Франция Республикасидаги Элчихонаси кўмагида Париж шаҳрида FETAYA ET FILS компанияси президенти Гали Фетая билан учрашув ўтказди.
Маълумот учун, FETAYA ET FILS қарийб 70 йиллик тарихга эга бўлиб, чуқур қайта ишланган мева-сабзавотларни экспорт-импорт қилишга ихтисослашган ҳамда уларнинг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи Топ-3 йирик компаниялардан бири ҳисобланади.
Шунингдек, жаҳон бозорида ҳам қуритилган, қайта ишланган маҳсулотларни импорт-экспорт қилишда катта тажрибага эга ишончли ва нуфузли ҳамкор сифатида танилган.
Мулоқот давомида томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик масалаларини, жумладан, Ҳолдинг корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган ва чуқур қайта ишланган маҳсулотларни Франция бозорларига экспорт қилиш истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Учрашув доирасида Бекзод Маматқулов FETAYA ET FILS компаниясининг қадоқлаш ва сақлаш мажмуасида иш жараёнлари билан ҳам яқиндан танишди.
Самимий ва конструктив руҳда ўтган музокараларда томонлар Ўзбекистондан белгиланган турдаги маҳсулотларни етказиб бериш, шунингдек яқин истиқболда қўшма лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш юзасидан келишувга эришдилар. Учрашув якуни бўйича томонлар ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда икки давлат ишбилармон доиралари ўртасида янги имкониятларни очишга тайёр эканликларини билдириб ўтишди.
BMB HOLDING Ахборот хизмати