Европа давлатларига амалга оширилаётган ишчи ташриф доирасида жорий йилнинг 29 октябрь куни Лондон шаҳрида BMB HOLDING Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ва Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Равшан Усманов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар жадал суръатлар билан ривожланаётгани, янги қўшма инвестициявий ҳамда экспорт лойиҳаларни амалга ошириш учун кўплаб имкониятлар яратилаётганлиги мамнуният билан эътироф этилди.
Музокаралар давомида, BMB HOLDING тизимидаги корхоналар томонидан етиштирилган ва чуқур қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига дунё бозорларида талаб тобора ортиб бораётгани, Ҳолдинг томонидан амалга оширилаётган бир қатор қўшма инвестициявий лойиҳалар мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини янада оширишга хизмат қилаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.
Шу билан бирга, BMB HOLDING тизимидаги корхоналар томонидан етиштирилган ҳамда BMB Za’faron бренди билан танилган табиий заъфарон ва чуқур қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Буюк Британия бозорларига экспорт қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Конструктив ва дўстона руҳда бўлиб ўтган учрашув якунига кўра, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси кўмагида BMB HOLDING ҳамда Британиянинг бир қатор нуфузли компаниялари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, экспорт ва инвестициявий қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, замонавий технологияларни мамлакатимиз иқтисодиётига татбиқ этиш мақсадида қатор учрашувлар ташкил этишга келишиб олинди.
BMB HOLDING Ахборот хизмати