Жорий йилнинг 29 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британиядаги Элчихонаси кўмагида BMB HOLDING делегацияси, шунингдек, Британиянинг бир қатор йирик компаниялари ва савдо палаталари вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди.
Бизнес-форум аввалида Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британиядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Равшан Усманов Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг жадал ривожланаётганини, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мамлакатда қулай инвестицион ва ишбилармонлик муҳити шаклланиб бораётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг, мамлакатимиздаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг йирик ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлган BMB HOLDING фаолияти, унинг асосий фаолият йўналишлари, инвестиция, экспорт ва савдо соҳаларида муваффақиятли амалга оширилаётган лойиҳалари ҳақида ҳикоя қилувчи видеоролик намойиш этилди.
BMB HOLDING Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ўз нутқида сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш сиёсати натижасида ишбилармонлик ҳаракатининг фаоллашгани, ташқи иқтисодий алоқалар кенгайиб, хорижий инвестициялар мамлакатимизга тўғридан-тўғри жалб этилаётгани ва етакчи Европа компаниялари билан қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилаётганлигини қайд этиб ўтди.
Бизнес-форум иштирокчиларида BMB HOLDINGнинг муваффақиятли тажрибаси – BMB Za’faron бренди остидаги заъфарон маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва Европа мамлакатларига экспорт қилиш, шунингдек, халқаро сертификатлар билан тасдиқланган юқори сифатли бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириб, уни чуқур қайта ишлаш каби босқичларни қамраб олган қўшимча қиймат занжирини яратиш амалиёти катта қизиқиш уйғотди.
Британия ишбилармон доиралари вакиллари ҳам ўз навбатида BMB HOLDING вакиллигида ўзбек тадбиркорлик доиралари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, юқори сифатли қишлоқ хўжалиги, шунингдек, BMB Za’faron маҳсулотларини Буюк Британия бозорларига етказиб бериш ҳамда қўшма инвестициявий ва экспорт лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиш билдиришди.
Умуман олганда, бизнес-форум доирасида Ўзбекистон ва Буюк Британия ишбилармон доиралари ўртасида инвестиция, экспорт ҳамда савдо соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қаратилган масалалар юзасидан самарали фикр алмашуви бўлиб ўтди.
BMB HOLDING Ахборот хизмати