Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган юқори сифатли маҳсулотларни халқаро бозорларга олиб чиқиш, айниқса Америка Қўшма Штатлари каби ниҳоятда талабчан ва ҳар томонлама ривожланган бозорда ўрин эгаллаш мамлакатимиз учун стратегик аҳамиятга эга.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳам ўз чиқишларида бир неча бор миллий маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлигини халқаро стандартларга мослаштириш, экспорт географиясини кенгайтириш ва “Made in Uzbekistan” брендини дунё бозорларида илгари суришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган эдилар.
Мазкур йўналишда BMB HOLDING тизимида фаолият юритувчи BMB AGRO PLUS корхонаси АҚШнинг нуфузли FDA (Food and Drug Administration) сертификатига эга бўлди. Бу сертификат АҚШ бозорида озиқ-овқат маҳсулотларини қонуний равишда реализация қилиш учун энг муҳим ва асосий ҳужжат ҳисобланади.
FDA сертификати мамлакатимизда етиштирилган ерёнғоқ, бодом, ёнғоқ, кешью, хандон писта, турли хил зираворлар, туз, снэк, асал, қуритилган мева (туршак, майиз, олхўри) ва сублимация усулида қуритилган бошқа бир қатор маҳсулотларни АҚШ бозорларига экспорт қилиш ҳуқуқини беради.
Ушбу FDA сертификатининг берилиши жорий йилнинг декабрь ойи бошларида BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқуловнинг Америка Қўшма Штатларига амалга оширган ишчи ташрифи давомида бўлиб ўтган учрашув ва музокараларнинг мантиқий натижаси эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Сафар давомида Б.Маматқулов Costco Wholesale йирик савдо тармоғи фаолияти билан ҳам яқиндан танишиб, чуқур қайта ишланган маҳсулотларни АҚШ бозорига экспорт қилиш масалалари юзасидан самарали музокаралар ўтказди.
Мазкур ташриф давомида бўлиб ўтган музокаралар Ўзбекистонда етиштирилган ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг АҚШ бозорларидаги иштирокини таъминлаш, “Made in Uzbekistan” брендини илгари суриш ва экспорт ҳажмини ошириш учун муҳим қадам бўлди.