Қишлоқ хўжалиги соҳасида барқарор ривожланишни таъминлаш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш масалалари бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Шу сабабли, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар доирасида мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва илмий ёндашувларни амалиётга кенг татбиқ этишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Айниқса, сув таъминоти чекланган ва мелиоратив ҳолати мураккаб ҳудудларда юқори ҳосил олиш масаласи муҳим аҳамият касб этаётган бир вақтда илғор тажриба, инновация ва меҳнат уйғунлиги асосида эришилаётган ҳар бир натижа соҳадаги самарали ислоҳотларнинг амалдаги ифодаси ҳисобланади.
Жиззах вилояти Арнасой туманида фаолият юритиб келаётган BMB AGRO ўрта шўрланган ерларида ҳам юқори, сифатли ва экспортбоп ҳосил етиштириш мумкинлигини амалда исботлаб келаётган корхоналардан биридир. Бугунги кунда мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини, шунингдек маҳаллий аҳоли дастурхонларини сифатли маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш, ички ва ташқи бозорларга рақобатбардош маҳсулотларни етказиб бериш қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган барча меҳнаткашлар олдида турган устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Айниқса, сув ресурслари чекланган, тупроқ мелиоратив ҳолати мураккаб ҳудудлардаги далалардан юқори ҳосил олиш замонавий ёндашув ва илмий жиҳатдан асосланган агротехнологиялардан унумли фойдаланишни тақозо этмоқда.
2025 йилги қишлоқ хўжалиги мавсуми BMB AGRO учун ниҳоятда сермаҳсул бўлди. Жумладан, корхонага қарашли бўлган экин майдонларида етиштирилган ғалла, пахта, ғалла, помидор, маккажўхори, мош, қовун ва тарвуз каби маҳсулотлар ҳосили ҳар қачонгидан бир неча баравар юқори бўлди. Эътиборли жиҳати шундаки, 2024 йилги экин мавсумида олинган ҳосилга нисбатан юқори бўлган ушбу кўрсаткич ўзимизнинг маҳаллий мутахассисларимиз томонидан амалга оширилган замонавий агротехник тадбирлар самара бераётганини яна бир бор тасдиқлади.
Бундай натижаларга эришишда агротехник жараёнларни замонавийлаштириш ва уларни ўз вақтида қўллаш ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Жумладан, BMB AGRO томонидан сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Маълумки, сўнгги йилларда дунё миқёсида, жумладан Марказий Осиё минтақасида ҳам сув танқислиги муаммоси тобора кучайиб бормоқда. Шу боис Президентимиз ўз чиқишларида 2030 йилга қадар деҳқончилик қилинадиган экин майдонларини суғориш жараёнларини тўлиқ сув тежайдиган технологияларга ўтказиш вазифасини белгилаб берган эдилар.
Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида BMB HOLDING тизимида фаолият олиб бораётган барча корхоналар, жумладан BMB AGRO, экинчилик амалиётида замонавий сув тежайдиган технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, мазкур қишлоқ хўжалиги мавсумида экинларни етиштиришда Польша давлатининг етакчи илмий лабораторияларида ишлаб чиқарилган AgroNanoGelBasic гидрогель полимеридан фойдаланилди. Гидрогель тупроқда намликни узоқ вақт сақлаб туриши, ҳарорат кескин ўзгаришларининг салбий таъсирини камайтириши ва ўсимлик илдиз тизимининг барқарор ривожланишини таъминлаши билан бошқа полимерлардан ажралиб туради. Икки йиллик тажрибалар шуни кўрсатдики, далаларда унумдорлик даражаси кескин ошди, ўсимлик поя ва чинбарглари қувватга кирди, вегетация даврида сувга бўлган талабнинг яхшироқ қондирилиши, гуллаш ва фотосинтез жараёнларида ижобий ўзгаришлар кузатилди ҳамда бу ўз навбатида ҳосилдорликнинг ошишига хизмат қилди.
Бундан ташқари, ҳосил пишиб етилгунига қадар барча агротехник жараёнлар соҳа мутахассислари ва олимлар томонидан мунтазам назорат қилиниб, таҳлил қилиб борилди. Илм-фан ва амалиёт уйғунлиги асосида қабул қилинган қарорлар ҳар бир экин тури бўйича юқори натижаларга эришиш имконини берди. Якунда эса мавсум давомида қўлга киритилган ютуқлар далаларда фидокорона меҳнат қилган деҳқонлар, агроном ва мутахассисларнинг тинимсиз саъй-ҳаракатлари самараси экани яна бир бор ўз тасдиғини топди.
Айни пайтда BMB AGRO далаларни янги мавсумга тайёрлаш, агротехник тадбирларни янада такомиллаштириш ишларини амалга оширмоқда. Мақсад – келгуси йилларда ҳам юқори сифатли ва экспортбоп ҳосил етиштириш орқали мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги салоҳиятини янада юксалтиришдан иборат.