Жорий йилнинг 25 февраль куни BMB HOLDING Илмий тадқиқотлар бўлими бошлиғи, қишлоқ хўжалиги бўйича фалсафа фанлари доктори Бумайрам Усмонова ҳамда Жанубий Кореянинг Сеул Миллий Университети профессори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Сун Хюнг Ким ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мева-сабзавот етиштиришда замонавий инновацияларни қўллаш, соҳада учраётган муаммоларни бартараф этиш, шунингдек, кўчатчиликни ривожлантиришда инвитро усулларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни оширишнинг илмий асослари билан боғлиқ бўлган масалалар ҳам атрофлича кўриб чиқилди.
Алоҳида эътибор республикамизда ҳали кенг тарқалмаган батат экинини етиштириш истиқболларига қаратилди. Бататнинг картошкага ўхшаш навларини қиёсий ўрганиш, уни шўрланган тупроқ шароитида парваришлаш имкониятларини тадқиқ этиш бўйича илмий изланишлар олиб бориш юзасидан фикр алмашилди.
Жиззах вилоятининг Арнасой туманида жойлашган BMB AGRO майдонларида илк бор экилиши режалаштирилаётган бататни кореялик мутахассислар билан ҳамкорликда етиштиришдан тортиб, ҳосилни йиғиб олишгача бўлган барча босқичларда илмий-амалий маслаҳат ва консалтинг кўмагини йўлга қўйишгача ҳамкорлик қилишга тайёр эканликлари билдирилди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашув якунида янги экин турларини жорий этиш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда халқаро илмий тажрибани амалиётга татбиқ этиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, ҳосилдорликни ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш учун мустаҳкам асос яратилиши таъкидланди.