Жорий йилнинг 18 июль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ироқ Курдистон минтақаси Савдо-саноат палаталари иттифоқи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Қувайтдаги Элчихонаси ҳамкорлигида Ўзбекистон – Ироқ Курдистони иқтисодий форуми бўлиб ўтди.
Икки ҳудуд ишбилармон доиралари ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш, инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилишга бағишланган мазкур форумда Ироқ Курдистони Савдо-саноат палаталари федерацияси раҳбарияти, Эрбил, Сулаймония, Дуҳок, Ҳалабжа ва Киркук савдо палаталари вакиллари, шунингдек, икки мамлакатдан 400 нафардан ортиқ тадбиркор ва бизнес тузилмалари иштирок этди.
Форум доирасида BMB HOLDING ташқи иқтисодий алоқалар департаменти директори Бобир Яхяев Ироқ Курдистонининг қатор етакчи компаниялари ва бизнес ташкилотлари раҳбарлари билан икки томонлама музокаралар ўтказди.
Жумладан, “FLYERBIL Wings of Life” бош ижро директори Лоуанд Мамонди, “GORAN Group” бош менежери Халел Горан, Киркук Савдо палатаси раиси ўринбосари Аржан А. Шакир, “Miran Kirkuk Co. Ltd.” бош директори Мадхат М. Салихи, “AvaNovin Full Service Advertising and Marketing Agency” бош директори Фархад Фаик ҳамда “Gela Dairy” компанияси вакиллари билан истиқболли ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар давомида BMB HOLDINGнинг агросаноат, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш, халқаро савдо фаолиятини ривожлантириш, хорижий ҳамкорлар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги имкониятлари тақдим этилди.
Шунингдек, Ироқ Курдистони бозорига Ўзбекистон маҳсулотларини етказиб бериш, маҳаллий ҳамкорлар иштирокида дистрибуция тармоқларини шакллантириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шу билан бирга BMB HOLDING томонидан бозор таҳлили, лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда ташқи бозорларга чиқиш бўйича консалтинг хизматларини кўрсатиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашувларда Ироқ Курдистонининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, меҳмонхона ва ресторан бизнеси (HORECA) соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда хизматлар йўналишида ўзаро тажриба алмашиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида Ироқ Курдистони ишбилармон доиралари билан ҳамкорликни изчил давом эттириш, аниқ лойиҳалар юзасидан амалий таклифларни ишлаб чиқиш ва BMB HOLDINGнинг экспорт ҳамда халқаро хизматлар бозоридаги иштирокини янада кенгайтириш бўйича ўзаро келишувларга эришилди.