Куни кеча BMB HOLDING Инвестиция лойиҳаларига консалтинг хизмати кўрсатиш департаменти директори Бобир Яхяев ва Хитойнинг Xinjiang Shangkun Hesheng International Trade Co., Ltd. компанияси ижрочи директори Ци Цзитянь ўртасида навбатдаги музокаралар бўлиб ўтди.
Учрашувда томонлар ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, мавжуд келишувлар доирасидаги вазифалар ҳамда янги ташаббусларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Хусусан, ҳуқуқий-консалтинг хизматларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, шартномавий мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш, инвестиция лойиҳаларини ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, хорижий тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, Ўзбекистон қонунчилиги бўйича малакали маслаҳатлар бериш юзасидан фикр алмашилди.
Савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, туз ва олтингугуртни Хитой бозорига экспорт қилиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Бунда маҳсулотлар сифатига қўйиладиган талаблар, нарх сиёсати, логистика ва етказиб бериш шартларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, Хитой томони Ўзбекистондаги йирик тузли кўлларнинг жойлашуви ва майдони, улар таркибидаги литий, калий ҳамда бошқа кимёвий элементлар миқдори тўғрисидаги маълумотларга қизиқиш билдирди. Мазкур йўналишдаги ахборотларни ўрганиш истиқболли ҳамкорлик имкониятларини баҳолашда муҳим аҳамият касб этади.
Музокаралар халқаро консалтинг хизматлари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва истиқболли инвестиция ташаббусларини атрофлича ўрганиш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
BMB HOLDING хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш, янги бизнес имкониятларини рўёбга чиқариш ва халқаро ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга қаратилган фаолиятини изчил давом эттиради.