Жорий йилнинг 7 апрель куни Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси кўмагида BMB HOLDING Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ҳамда Хитойнинг етакчи логистика компанияси – YTO Express раҳбари Ю Вэйцзяо ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида BMB HOLDINGнинг фаолият йўналишлари, амалга ошираётган йирик лойиҳалари ва Ҳолдингнинг халқаро майдондаги имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Асосий эътибор Ўзбекистонда йўлга қўйилиши режалаштирилаётган инвестиция лойиҳаларига қаратилди.
Музокаралар чоғида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, айниқса, савдо-иқтисодий алоқаларни кучайтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва уларни Хитой бозорларига етказиб бериш борасида ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилишди.
Маълумот ўрнида: YTO Express 2000 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда компания нафақат логистика, балки технология, авиация, молия ва савдо соҳаларида ҳам кенг қамровли фаолият юритмоқда. Хитойдаги энг йирик логистика операторларидан бири саналган ушбу компаниянинг йиллик айланмаси 15 миллиард АҚШ долларидан ошиқ.
Учрашув якунида икки томон ҳам стратегик аҳамиятга эга соҳаларда ўзаро алоқаларни кенгайтиришга, истиқболли йўналишларда янгича лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини таъкидлашди.