Жиззах вилоятининг инвестицион жозибадорлигини намойиш этиш, халқаро ва маҳаллий тадбиркорлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, янги инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилиш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида жорий йил 23–24 апрель кунлари Зомин туманида «Халқаро бизнес форум – Жиззах 2025» бўлиб ўтмоқда.
Форум доирасида BMB HOLDING ҳамтаъсисчиси Азиз Маматқулов ва AGROTEC HANDELS (Австрия) компанияси Президенти Борис Кандов ўртасида Вена шаҳрида Австрия-Ўзбекистон қўшма корхонасини ташкил этиш бўйича шартнома имзоланди.
Қўшма корхонанинг асосий йўналишларидан бири – халқаро стандартлар асосидаги чуқур қайта ишланган маҳсулотлар (мева-сабзавот консервалари, қуритилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, заъфарон ва бошқалар)ни Европа бозорларига етказиб беришдан иборат.
Шу билан бирга, BMB HOLDING «Made in Jizzakh» саноат кўргазмасида ўз корхоналари томонидан етиштирилаётган ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан иштирок этмоқда. Эътиборлиси, ушбу маҳсулотлар форум иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Бу ўз навбатида мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини янада ошишига хизмат қилади.