2025 йилнинг 20 октябрь куни Бекзод Маматқулов бошчилигидаги BMB HOLDING делегациясининг Европа мамлакатлари бўйлаб ишчи сафари бошланди. Европа компаниялари раҳбарлари билан илк учрашувлар Австриянинг Вена шаҳрида бўлиб ўтди.
Сўнгги йилларда Австрия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар изчил ривожланиб, янги мазмун касб этмоқда. Бу йўналишда амалга оширилаётган муҳим қадамлардан бири – BMB HOLDING ва Австриянинг AGROTEC GMBH компанияси ўртасидаги самарали ҳамкорликдир.
BMB HOLDING Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ва AGROTEC GMBH Президенти Борис Кандов ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган муносабатлар туфайли қатор қўшма лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.
Бугун Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси кўмагида бўлиб ўтган учрашувда AGROTEC GMBH компанияси билан AGROINVEST Австрия-Ўзбекистон қўшма корхонасини ташкил этиш бўйича муҳим шартнома имзоланди.
Ушбу қўшма корхонани ташкил этишдан асосий мақсад – миллий иқтисодиётимизни ривожлантиришга қаратилган хорижий инвестицияларни жалб қилиш, Ўзбекистондан чуқур қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда BMB Za’faron бренди остида етиштирилган табиий заъфарон доривор ўсимлиги ва ундан тайёрланган маҳсулотларни Австрия орқали Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари бозорларига етказиб бериш, у ердан турли хил талабгир маҳсулотларни мамлакатимизга импорт қилиш тизимини йўлга қўйишдан иборатдир.
Ўз навбатида, Бекзод Маматқулов ва Борис Кандов AGROTEC GMBH компанияси ҳамда BMB HOLDING ўртасидаги ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, янги йирик инвестициявий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда экспорт қилиш соҳасида узоқ муддатли шерикликка тайёр эканликларини маълум қилдилар.
Янги лойиҳа Ўзбекистон ва Австрия ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорлик ҳажмини кенгайтириш ва Европа бозорларига юқори сифатли ўзбек маҳсулотларини экспорт қилишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
BMB HOLDING Ахборот хизмати