Жорий йилнинг 27 февраль куни Тошкент шаҳрида BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ва AGROTEC (Австрия) компанияси Президенти Борис Кандов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг январь ойида BMB HOLDING делегацияси Европа мамлакатларига амалга оширган ишчи сафари доирасида Бекзод Маматқулов ва Борис Кандов Вена шаҳрида учрашиб, бир қатор муҳим стратегик масалалар бўйича келишувга эришган эдилар.
Бугунги учрашув давомида томонлар Ўзбекистон ва Австрия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажмлари тобора ортиб бораётганини мамнуният билан таъкидлаб ўтдилар.
Шунингдек, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида, хусусан, агрокластер лойиҳалари фаолиятини кенгайтириш мақсадида хорижий инвестицияларни жалб қилиш, Европа бозорларига маҳсулотлар экспорти ҳажмини янада ошириш ва ҳамкорликда ташкил этилган AGROINVEST Австрия-Ўзбекистон қўшма корхонаси фаолиятини янада такомиллаштириш, замонавий технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда унинг салоҳиятини тўлиқ ишга солиш билан боғлиқ бўлган масалалар ҳам музокараларнинг диққат марказида бўлди.
Мазкур мулоқот давомида муҳокама қилинган масалалар Ўзбекистон ва Австрия ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда мамлакатимизда изчил равишда ривожланиб бораётган инвестициявий муҳитни янада яхшилашга замин яратади.