Жорий йилнинг 15 сентябрь куни BMB HOLDING бош директори ўринбосари Хайрулла Набижонов ва Ташқи иқтисодий алоқалар департаменти директори Бобир Яхяев Хитойнинг Xinjiang Shangkun Hesheng International Trade Co., Ltd компанияси Президенти Чжан Юаньин ва ижрочи директори Ци Цзитянь билан видеоконференцалоқа форматида навбатдаги музокараларни ўтказди.
Мазкур мулоқот 26 август куни бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинган ҳамкорлик йўналишларининг мантиқий давоми бўлди. Унда аввал билдирилган таклиф ва ташаббусларни янада чуқурлаштириш, уларни амалий жиҳатдан батафсил кўриб чиқиш ва истиқболли йўналишларни белгилаб олиш масалаларига эътибор қаратилди.
Хусусан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни, жумладан, олтингугуртни Хитой бозорига экспорт қилиш, шунингдек, келгусида мазкур хом ашёни чуқур қайта ишлаш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, туризм ва сайёҳлик алмашинуви ҳамда юқори қўшилган қийматга эга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш бўйича фикр алмашилди.
Конструктив ва дўстона руҳда бўлиб ўтган онлайн музокаралар якунида томонлар қайта ишлаш соҳасида истиқболли лойиҳаларни шакллантириш, уларнинг сармоявий имкониятларини ўрганиш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш механизмларини кўриб чиқиш юзасидан ишларни давом эттиришга келишиб олдилар.