Куни кеча BMB HOLDING Департаменти директори Бобир Яхяев ҳамда Хитой Халқ Республикасининг Иу шаҳрида фаолият юритаётган “Uzbekistan National Pavilion Yiwu” ижрочи директори Сафар Абдурасулов ўртасида видеоконференцалоқа шаклида музокаралар бўлиб ўтди.
Онлайн мулоқот давомида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларининг Хитой бозорига кириб боришини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Бунда “Uzbekistan National Pavilion Yiwu” платформасининг савдо, логистика ва тақдимот имкониятларидан самарали фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Ўзбекистонда етиштирилган ва қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Жумладан, қуритилган мевалар ҳамда Хитой бозорида талаб юқори бўлган бошқа аграр маҳсулотларни етказиб бериш, барқарор логистика занжирларини йўлга қўйиш, маҳсулотларнинг сифат ва сертификатлаш талабларига мувофиқлигини таъминлаш ҳамда ўзаро манфаатли савдо механизмларини шакллантириш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, Ўзбекистондаги руда конларини ўзлаштириш, минерал хомашёни чуқур қайта ишлаш ва тоғ-кон саноатига замонавий технологияларни жорий этиш билан боғлиқ инвестиция ташаббуслари ҳам музокараларнинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Томонлар мазкур лойиҳаларга Хитойнинг салоҳиятли инвесторлари, технологик ҳамкорлари ва ихтисослашган компанияларини жалб этиш имкониятларини ҳам муҳокама қилдилар.
Конструктив руҳда бўлиб ўтган онлайн музокаралар якунида қуритилган мевалар экспорти бўйича тижорат таклифларини тайёрлаш, тоғ-кон саноати ва бошқа устувор йўналишлардаги инвестиция лойиҳалари портфелини шакллантириш ҳамда уларни Хитойнинг салоҳиятли компанияларига тақдим этиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.