Куни кеча BMB HOLDING департаменти директори Бобир Яхяев ҳамда Хитойнинг йирик қурилиш корпорацияларидан бири – China State Construction Engineering Corporation таркибига кирувчи China Construction Second Engineering Bureau Co., Ltd. компаниясининг маркетинг директори Чжао Пу ва бизнес менежери Ван Аоцзян ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, замонавий туристик инфратузилмани ривожлантириш ҳамда илғор қурилиш технологияларини жалб этиш орқали янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда хитойлик ҳамкорлар томонидан замонавий капсулали уйлар ва модулли биноларни барпо этиш бўйича инновацион ечимлар тақдим этилди. Ушбу технологиялар туристик ҳудудларда меҳмонхоналар, дам олиш масканлари, кафе-ресторанлар, савдо шохобчалари ва бошқа хизмат кўрсатиш объектларини қисқа муддатларда ташкил этиш, қурилиш жараёнларини оптималлаштириш ҳамда вақт ва ресурслардан самарали фойдаланиш имконини беради.
Шунингдек, мазкур қурилиш ечимларини Ўзбекистон шароити ва бозор талабларига мослаштириш, туристик ҳудудларда комплекс инфратузилма объектларини барпо этиш ҳамда ушбу йўналишга инвестицияларни жалб қилиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, BMB HOLDING делегациясининг Хитой Халқ Республикасига режалаштирилган ташрифи доирасида CSCEC 2nd Bureau компаниясининг ишлаб чиқариш ва лойиҳавий фаолияти билан яқиндан танишиш, компания раҳбарияти билан икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказиш, шунингдек, инвестициявий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш бўйича келишувга эришилди.
Конструктив руҳда бўлиб ўтган учрашув якунида томонлар тақдим этилган лойиҳа таклифларини батафсил ўрганиш, уларнинг техник-иқтисодий асосларини баҳолаш ва Ўзбекистонда амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқиш мақсадида ҳамкорликдаги ишларни давом эттиришга ҳам келишиб олдилар.
Мазкур мулоқот Ўзбекистон ва Хитой ишбилармон доиралари ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликни янги йўналишлар билан бойитиш, замонавий қурилиш технологияларини мамлакатимизга жалб этиш ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.