Жорий йилнинг 29 октябрь куни BMB HOLDING департаменти директори Бобир Яхяев ҳамда Хитой хориждаги ватандош тадбиркорлар бирлашмаси ижроия вице-президенти Лэй Нин бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Ўзбекистонда замонавий тиббиёт марказини ташкил этиш, уни илғор тиббий ускуналар билан жиҳозлаш, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасига Хитой инвестициялари ва замонавий технологияларини жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Музокараларда Хитойда ишлаб чиқарилаётган дори воситалари, тиббий препаратлар ва юқори технологик ускуналарни Ўзбекистон бозорига олиб кириш, шунингдек, замонавий диагностика ва даволаш усулларини маҳаллий тиббиёт амалиётига жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, онкологик касалликларни даволашга қаратилган инновацион технологияларга ҳам эътибор қаратилди. Хитой делегацияси саратон ҳужайраларини мақсадли йўқ қилишга йўналтирилган усуллар ҳақида маълумот берди. Ушбу технологияларни амалиётга татбиқ этиш имкониятларини баҳолашда уларнинг илмий асосланганлиги, клиник самарадорлиги ва хавфсизлигини чуқур ўрганиш муҳимлиги таъкидланди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида тиббий хизматлар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ҳукуматлараро битим 2025 йил 1 сентябрда имзоланган. Мазкур келишув тиббий хизматлар, мутахассислар малакасини ошириш ва тажриба алмашиш йўналишларида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Конструктив руҳда бўлиб ўтган учрашув якунида тиббиёт марказини ташкил этишга оид инвестициявий ва технологик таклифларни ўрганиш, тиббий ускуналар ҳамда дори воситаларини етказиб бериш имкониятларини баҳолаш ва ҳамкорликнинг ташкилий-техник масалаларини ишлаб чиқиш истиқболлари белгилаб олинди.