Жорий йилнинг 29-31 октябрь кунлари пойтахтимизда Ўзбекистон – Испания бизнес-форуми бўлиб ўтди. Испаниянинг 20 га яқин компанияси вакиллари иштирок этган мазкур тадбир икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, аграр соҳага хорижий инвестицияларни жалб этиш, замонавий технологияларни жорий қилиш ҳамда ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга бағишланди.
Форум давомида Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг бугунги ҳолати, соҳадаги долзарб вазифалар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинди. Хусусан, минерал ва органик ўғитлар ишлаб чиқариш, тупроқ унумдорлигини ошириш, тупроқни зарарсизлантириш воситаларини яратиш ҳамда илғор агротехнологияларни жорий этиш йўналишларида ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда BMB HOLDING департаменти директори Бобир Яхяев ҳам иштирок этиб, Испаниянинг қатор компаниялари билан музокаралар ўтказди. Жумладан, Agro-Industrial Group, Industrias David S.L.U., Pol. Ind. Los Palomares, Viveros Veron, PSB Produccion Vegetal, Agromillora Fidan Uretim ve Paz Ltd. ҳамда Armando Alvarez Group компаниялари вакиллари билан мулоқотлар олиб борилди.
Шунингдек, Бобир Яхяев Испания элчихонасининг Москва ва Тошкентдаги Иқтисодий ва савдо масалалари бўйича маслаҳатчиси Хесус Варела билан ҳам музокаралар ўтказди.
Бўлиб ўтган мулоқотлар давомида испаниялик компанияларнинг фаолият йўналишлари, ишлаб чиқариш тажрибаси ва замонавий технологиялари, шунингдек, Ўзбекистон бозорида ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилди. Хорижий ҳамкорларга BMB HOLDINGнинг асосий фаолият йўналишлари, инвестициявий ва ишлаб чиқариш салоҳияти, шунингдек, амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Музокаралар марказида қишлоқ хўжалиги техникаси, замонавий агротехнологиялар, кўчатчилик, ўсимликшунослик ва агросаноат ишлаб чиқариши соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, илғор хорижий тажрибани Ўзбекистон шароитига мослаштирган ҳолда жорий этиш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш масалалари бўлди.
Мазкур бизнес-форум ва икки томонлама учрашувлар BMB HOLDINGнинг Испания ишбилармон доиралари билан алоқаларини мустаҳкамлаш, агросаноат соҳасида янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш ва инвестициявий ташаббусларни амалий лойиҳаларга айлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.