Жорий йилнинг 4 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Беларусь Республикасидаги Элчихонаси кўмагида BMB HOLDING Бош директори ўринбосари Бекзод Йўлдошев ҳамда Беларусьнинг йирик савдо компанияларидан бири Евроторг вакили Антон Харило ўртасида видеоконференцалоқа шаклида навбатдаги музокаралар бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мулоқот 21 октябрь куни бўлиб ўтган музокараларнинг мантиқий давоми бўлиб, томонлар ўртасида аввалдан шаклланган ҳамкорлик алоқаларини аниқ товар йўналишлари бўйича ривожлантиришга қаратилди.
Мулоқот давомида Ўзбекистонда етиштирилаётган ва қайта ишланаётган ёнғоқ маҳсулотларини Беларусь бозорига етказиб бериш, маҳсулот сифати ва тижорат шартлари, шунингдек, ўзаро манфаатли савдо ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Бўлиб ўтган онлайн мулоқот якунида томонлар маҳсулотларнинг сифати ва тижорат шартларини ўрганиш, шунингдек, ҳамкорликни амалий босқичга олиб чиқиш бўйича мулоқотларни давом эттиришга келишиб олдилар.
Мазкур музокаралар BMB HOLDINGнинг экспорт географиясини кенгайтириш ва Ўзбекистон аграр маҳсулотларининг Беларусь бозоридаги ўрнини мустаҳкамлаш йўлидаги изчил саъй-ҳаракатларининг навбатдаги босқичидир.