Жорий йилнинг 6 апрель куни BMB HOLDING бош директори ўринбосари Хайрулла Набижонов ҳамда Латвиянинг EUROIMPEX компанияси кенгаши аъзоси Анвар Алиев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва Европа бозорига маҳаллий маҳсулотлар экспорт ҳажмини янада ошириш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Хусусан, Холдинг корхоналари томонидан етиштирилиб, қайта ишланган юқори сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташқи бозорлардаги кўламини янада ошириш ва уларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўз навбатида, EUROIMPEX вакили заъфарон ва заъфаронли маҳсулотларга катта қизиқиш билдириб, уларни Европа бозорларидаги нуфузини янада ошириш истиқболларини юқори баҳолади.
Шунингдек, сублимация услубида қуритилган маҳсулотларни экспорт қилиш ва томат маҳсулотларини Европа мамлакатларидаги ишлаб чиқариш корхоналарига етказиб бериш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Самарали ва ишчан руҳда ўтган учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда “Made in Uzbekistan” миллий брендини Европа бозорларида кенг тарғиб қилиш, унинг нуфузини янада оширишга келишиб олдилар.