Жорий йилнинг 30 июль куни BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов Франция Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Уалид Фук билан навбатдаги учрашувни ўтказди.
Музокаралар аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон раҳбарлигида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари сўнгги йилларда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик изчил кенгайиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Мазкур мулоқот BMB HOLDING ҳамда Франциянинг Ўзбекистондаги Элчихонаси ўртасида изчил ривожланиб бораётган амалий ҳамкорликнинг мантиқий давоми бўлди. Томонлар илгари эришилган келишувларнинг ижроси, инвестициялар, экспорт, агросаноат ва ишбилармон доиралар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашувда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган рақобатбардош маҳсулотларни Франция бозорига олиб чиқиш, қўшилган қиймати юқори маҳсулотлар экспортини кенгайтириш ҳамда француз компаниялари билан узоқ муддатли шерикликни ривожлантириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, томонлар Франция Элчисининг BMB HOLDING корхоналарига аввалги ташрифи давомида замонавий агрологистика тизими, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, халқаро стандартлар асосида сифат назорати ва экспорт инфратузилмаси билан танишгани, ушбу йўналишларда амалга оширилаётган ишлар юқори баҳоланганини мамнуният билан қайд этдилар.
Мулоқот чоғида туризм соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, BMB HOLDING томонидан ташкил этилган Za’faron Premium меҳмонхоналар тармоғи ҳамда Франциянинг POMA компанияси иштирокида мамлакатимизда амалга оширилаётган замонавий туристик инфратузилма лойиҳаларининг Ўзбекистон туризм салоҳиятини ривожлантиришидаги аҳамияти таъкидланди.
Шу билан бирга, Бекзод Маматқуловнинг Ўзбекистон футзал федерацияси президенти сифатидаги фаолиятидан келиб чиқиб, спорт дипломатиясини ривожлантириш, футзал соҳасида тажриба алмашиш, мутахассислар тайёрлаш ва қўшма тадбирларни амалга ошириш истиқболлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Бундан ташқари, жаноб Уалид Фук Б.Маматқуловни жорий йилнинг октябрь ойида Францияга амалий ташриф билан боришга таклиф қилди. Қайд этилганидек, ташриф доирасида Business France раҳбарияти, шунингдек, Франциянинг етакчи компаниялари ва ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашувлар ташкил этилиб, ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилиш кўзда тутилмоқда.
Конструктив ва ишчан руҳда бўлиб ўтган музокаралар якунида томонлар икки давлат стратегик шериклиги доирасида хусусий сектор иштирокини янада фаоллаштириш, инвестиция ва экспорт лойиҳаларини илгари суриш ва ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришга келишиб олдилар.