Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 3 август куни Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган Ҳиндистон-Ўзбекистон бизнес-форуми доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида B2B форматда икки томонлама музокаралар ташкил этилди.
Форумнинг ялпи мажлисида Ҳиндистон Савдо ва саноат вазири Пиюш Гоял икки мамлакат бизнес вакилларини “биргаликда инвестиция киритиш, биргаликда ишлаб чиқариш ва биргаликда инновациялар яратиш” тамойили асосида ҳамкорликни янада фаоллаштиришга чақирди. Шунингдек, яқин уч йил давомида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини икки баробарга ошириш мақсади илгари сурилди. Форумда фармацевтика, агросаноат, озиқ-овқат саноати, рақамли технологиялар, тўқимачилик, машинасозлик ҳамда логистика каби соҳалар ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида эътироф этилди.
Форум дастурининг мантиқий давоми сифатида BMB HOLDING Ташқи иқтисодий алоқалар департаменти директори Бобир Яхяев Ҳиндистоннинг MG Biological PvT LTD, SANHIT VENTURES, Farmer Trackparts, Nick and Associates LLP, APEXX PHARMA, PRIDETOOLS, Alphanso, Unitech Engineers, Digital Surveillance, Rager Rain Plus компаниялари раҳбарлари билан қатор B2B музокаралар ўтказди.
Учрашувлар давомида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар экспортини ривожлантириш, замонавий технологияларни жалб қилиш ҳамда узоқ муддатли шериклик муносабатларини йўлга қўйиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Ҳиндистон-Ўзбекистон бизнес-форуми якунлари икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, инвестициявий шерикликни мустаҳкамлаш ва хусусий сектор ўртасидаги амалий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам замин яратди.