Жорий йилнинг 11 сентябрь куни BMB HOLDING вакиллари Хитойнинг “HAIAOHUA TECHNOLOGY” компанияси Директорлар кенгаши раиси Ло Юн билан навбатдаги музокараларни ўтказди.
Мулоқот жорий йил август ойи сўнгида бўлиб ўтган учрашувнинг мантиқий давоми бўлиб, унда томонлар аввал муҳокама қилинган йўналишларни янада чуқурлаштириш, истиқболли лойиҳаларни аниқлаш ва амалий ҳамкорлик механизмларини белгилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Хусусан, инвестициявий шерикликни кенгайтириш, тоғ-кон геологияси соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, BMB HOLDING таркибидаги корхоналарга инвестицияларини жалб қилиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни Хитой ҳамкорларига тақдим этиш масалалари муҳокама қилинди.
Меҳмонлар, шунингдек, Ўзбекистондаги тоғ-кон лойиҳаларини аниқлаш ва уларни инвестициявий жозибадорлиги нуқтаи назаридан ўрганишга қизиқиш билдирдилар. Хусусан, олтин, кумуш, мис, қўрғошин, рух, вольфрам, қалай ва сурма каби рангли металл конлари, шу жумладан, ишга тушириш арафасидаги ҳамда кенгайтириш ёки модернизация қилиш имкониятига эга ўрта ва йирик лойиҳалар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида кўриб чиқилди.
Шу нуқтаи назардан, BMB HOLDING томонидан Ўзбекистондаги мос кончилик лойиҳаларини аниқлаш, саралаш ва инвестициявий салоҳиятини баҳолаш, шу билан бирга, уларни Хитой инвесторларига тақдим этиш бўйича ишларни давом эттириш режалаштирилмоқда.
BMB HOLDING ва “HAIAOHUA TECHNOLOGY” ўртасидаги изчил мулоқот ҳам айнан шу жараёнлар билан уйғун ҳолда давом эттирилиб, томонларнинг инвестиция, саноат ва юқори технологиялар соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга бўлган қизиқишини намоён этмоқда.