Маълумки, Ўзбекистонда доривор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлаш ва уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш, соҳада замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 4 октябрь куни Жиззах вилояти Бахмал туманида BMB ZA’FARON плантацияларида заъфаронни намунавий экишга бағишланган пресс-тур ташкил этилди. Унда оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, заъфарон етиштириш жараёни, янги майдонларни ўзлаштириш ишлари ҳамда лойиҳанинг истиқболлари билан яқиндан танишдилар.
Пресс-тур доирасида BMB ZA’FARON плантацияларида мавжуд 820 гектар майдонни 900 гектаргача кенгайтириш мақсадида янги ер майдонларига заъфарон пиёзбошларини намунавий экиш ишлари амалга оширилди. Мазкур тадбир заъфарон етиштириш ҳажмини босқичма-босқич ошириш, маҳаллий агротехнологияларни такомиллаштириш ва янги майдонларда самарали етиштириш усулларини амалиётга жорий этишда муҳим қадам бўлди.
Тадбирда BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ҳамда Италиянинг HT HOLDING президенти, хорижий ҳамкор ва инвестор Роберто Туччи иштирок этди. Томонлар Ўзбекистон-Италия инвестициявий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, илғор хорижий тажрибани жорий этиш ва ўзбек заъфаронини халқаро бозорларга олиб чиқиш масалаларига тўхталдилар.
Шунингдек, пресс-тур давомида ОАВ вакилларига заъфарон пиёзбошларини экиш технологияси, плантацияларни парваришлаш, ҳосилдорлик, қайта ишлаш ва экспорт йўналишлари бўйича амалий маълумотлар тақдим этилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга масъуллар ва мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди.
Эътиборли жиҳати, сўнгги икки йилда BMB ZA’FARON плантацияларини кенгайтириш ишларида хориждан импорт қилинган пиёзбошлардан эмас, балки маҳаллий плантацияларда етиштирилган заъфарон пиёзбошлари захирасидан фойдаланилмоқда. Бу эса лойиҳанинг ички уруғлик материаллари базасини шакллантириш ва заъфарон етиштиришнинг барқарор тизимини йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.
BMB ZA’FARON лойиҳаси Италиянинг FIN. OPERA SRL компанияси билан ҳамкорликда ва “Ўзсаноатқурилишбанк” кредит маблағлари иштирокида амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 120 млн еврони ташкил этиб, шундан 70 млн евро тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, 37 млн евро BMB HOLDING маблағлари ва 13 млн евро банк маблағларига тўғри келади. Айни пайтда 91,7 млн евро инвестиция ўзлаштирилган.
2024 йил 8-9 апрель кунлари давлатимиз раҳбарининг Жиззах вилоятига ташрифи давомида ҳудудда заъфарон плантацияларини 2 минг гектаргача кенгайтириш ва ҳосил ҳажмини 20 тоннага етказиш вазифаси белгиланган эди. Бугунги кунда маҳаллий пиёзбошлар захирасининг шакллангани ушбу мақсадларга эришиш учун муҳим замин яратмоқда.
Айни пайтда BMB ZA’FARON бренди остида етиштирилаётган ўзбек заъфарони ҳамда унинг асосида тайёрланаётган 20 турдан зиёд маҳсулот “ORO ROSSO Milano” бренди остида Италия, Австрия, Нидерландия, Франция, АҚШ, Тожикистон, Саудия Арабистони ва бошқа давлатларга экспорт қилинмоқда.
2025 йилда экспорт ҳажми 10,2 млн еврони ташкил этган бўлса, 2026 йил якунига қадар бу кўрсаткични 12 млн еврога етказиш режалаштирилган. Маҳсулот USDA ORGANIC, АҚШ бозори учун FDA талабларига мувофиқлик сертификатларига эга бўлиб, Хитой бозорига экспорт қилиш учун ҳам тегишли рухсатномалар олинган.
Лойиҳа доирасида қарийб 30 минг нафар маҳаллий аҳоли мавсумий иш билан таъминланган, 500 нафардан ортиқ фуқаро доимий иш ўринларига эга бўлган.
Келгусида BMB HOLDING заъфарон плантацияларини 2027 йилга қадар 2 минг гектаргача кенгайтириш, маҳаллий пиёзбошлар базасини янада мустаҳкамлаш, тайёр маҳсулот ва пиёзбошлар экспортини ошириш ҳамда BMB ZA’FARON брендини халқаро бозорларда янада кенг танитишни мақсад қилган.
Шунингдек, Холдинг таркибидаги премиум тоифадаги ресторан ва меҳмонхоналар орқали хорижий сайёҳларга ўзбек заъфаронини танитиш, уни миллий гастрономик ва туристик брендлардан бири сифатида илгари суришга алоҳида эътибор қаратилади.
Умуман олганда, Бахмал туманида ўтказилган заъфаронни намунавий экишга бағишланган пресс-тур заъфарон етиштиришни янги майдонларга кенгайтириш, маҳаллий пиёзбошлар захирасидан самарали фойдаланиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва Ўзбекистон заъфаронининг экспорт салоҳиятини янада ошириш борасида амалий ишлар изчил давом этаётганини кўрсатди.