Жорий йилнинг 7 октябрь куни BMB HOLDING Бош директори ўринбосари Хайрулла Набижонов ва Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги Элчихонаси савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Дастан Ниязалиев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, экспорт ҳажмини ошириш, туризм, инвестиция ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
2026 йил 30 июль куни Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги музокараларда 2025 йил якунига кўра икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 10 баробар ошиб, 1,2 миллиард долларга етгани қайд этилган эди. Яқин истиқболда ушбу кўрсаткични 3 миллиард долларга етказиш вазифасининг белгиланиши икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун янги имкониятларни очмоқда.
Шу нуқтаи назардан, учрашувда BMB HOLDING маҳсулотларини Қирғизистон бозорига чиқариш, маҳаллий харидорлар ва дистрибьюторлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, Холдинг омборларида сақланаётган қишлоқ хўжалиги ва чуқур қайта ишланган маҳсулотларни бозор талабидан келиб чиқиб экспорт қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Туризм соҳасида эса Қирғизистондаги туроператорлар, сайёҳлик компаниялари ва DMC ташкилотлари билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, уларга ZA’FARON PREMIUM HOTEL меҳмонхоналари ҳақида маълумотлар, тижорат таклифлари ва ҳамкорлик шартларини тақдим этиш бўйича келишувларга эришилди. 2026 йил январь–август ойларида Қирғизистондан Ўзбекистонга 2,52 миллиондан зиёд хорижий фуқаронинг ташриф буюргани мазкур йўналишдаги ҳамкорлик салоҳияти юқори эканини кўрсатмоқда.
Спорт йўналишида BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқуловнинг Ўзбекистон футзал федерацияси президенти сифатидаги фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Томонлар спорт соҳасида тажриба алмашиш, қўшма тадбирлар ва ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш, шунингдек, спорт туризмини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилдилар.
Инвестиция йўналишида Қирғизистондаги салоҳиятли инвесторларни аниқлаш, уларга BMB HOLDINGнинг истиқболли лойиҳаларини тақдим этиш ҳамда янги кооперация лойиҳаларини шакллантириш масалалари кўриб чиқилди. Бу жараёнда Ўзбек-Қирғиз тараққиёт фонди имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланди.
Ишчан руҳда бўлиб ўтган учрашув якунида ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитишга қаратилган қатор ташрифлар бўйича ҳам келишувларга эришилди. Хусусан, Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчисининг BMB HOLDINGнинг Жиззах вилоятидаги корхоналарига ташрифини ташкил этиш, шунингдек, BMB HOLDING раҳбариятининг Бишкек шаҳрига амалий ташрифини уюштириш ва унинг дастурини ишлаб чиқишга келишилди.