BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқуловнинг Европа мамлакатлари бўйлаб амалга ошираётган бизнес сафари доирасида, 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Испания Қироллигидаги элчихонаси кўмагида Iberatlantic Global Corporation компанияси президенти Педро Моуриньо билан видеоконференц алоқа орқали музокаралар бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида томонлар ўз бизнесларининг йўналиши, амалга оширилаётган лойиҳалар, ишлаб чиқариш салоҳияти ҳамда истиқболли ҳамкорлик юзасидан фикр алмашдилар. Жумладан, Ўзбекистонда гваюла ва киноа ўсимлигини етиштириш ва уни саноат усулида қайта ишлашга қаратилган инвестициявий лойиҳани амалга ошириш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.
Мазкур ташаббус Iberatlantic Global Corporation компанияси томонидан илгари сурилган бўлиб, гваюла ва киноа ўсимлигини етиштиришдан тортиб, уни чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни қамраб олувчи яхлит агросаноат тизимини шакллантиришни назарда тутади.
Гваюла ва киноа – саноат ва қишлоқ хўжалиги нуқтаи назаридан истиқболли ўсимликлардан ҳисобланади. Гваюла табиий каучук олиш учун муҳим хомашё манбаи бўлиб, уни қайта ишлаш орқали табиий каучук, смола, латекс ва эфир мойларини олиш, шунингдек, қолдиқ биомассадан биологик ёқилғи ҳамда органик ўғитлар ишлаб чиқариш имкониятлари мавжуд.
Киноа эса юқори озуқавий қийматга эга бўлган, оқсил, минерал моддалар ва бошқа фойдали бирикмаларга бой донли экин сифатида озиқ-овқат саноатида муҳим аҳамият касб этади. Унинг донларидан турли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қайта ишлаш жараёнида ҳосил бўладиган қўшимча маҳсулотларидан эса чорвачилик ва бошқа соҳаларда фойдаланиш мумкин. Айрим киноа навларининг қурғоқчилик ва шўрланишга нисбатан чидамлилиги уларни иқлим ўзгариши шароитида қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш учун ҳам истиқболли экинга айлантиради.
Ушбу икки ўсимликдан самарали фойдаланиш қишлоқ хўжалиги хомашёсини комплекс қайта ишлаш, ресурслардан оқилона фойдаланиш, қўшимча қиймат яратиш ва янги саноат ишлаб чиқариш йўналишларини ривожлантириш учун замин яратиши мумкин.
Музокараларда лойиҳани Ўзбекистон шароитига мослаштириш, гваюла ва киноа етиштириш учун мақбул ҳудудларни аниқлаш, агроиқлимий тадқиқотлар ва тажриба-синов ишларини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, илғор испан технологияларини жорий этиш, маҳаллий қишлоқ хўжалиги салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва келгусида саноат корхонасини ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Лойиҳанинг истиқболли жиҳатларидан яна бири – иқлим ва иқтисодий шарт-шароитлар тасдиқланган тақдирда, самарасиз фойдаланилаётган айрим ер майдонларини иқтисодий айланмага жалб этиш ҳамда қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати ўртасидаги кооперацияни кучайтириш имкониятидир.
Онлайн музокаралар якунида томонлар лойиҳани амалий жиҳатдан янада чуқур ўрганиш, маҳаллий шароитларни баҳолаш ва уни рўёбга чиқариш бўйича кейинги қадамларни белгилашга келишиб олдилар.
Европа мамлакатлари бўйлаб бизнес сафар доирасида бўлиб ўтадиган кейинги музокаралар, шунингдек, уларнинг натижалари ҳақида саҳифаларимиз орқали батафсил маълумот бериб борамиз.